Дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance асосчиси Чанпэн Чжао пул ювишда айбига иқрор бўлгач, 36 ой қамоқ жазосини ўташи керак, деб хабар берди Реутерс АҚШ прокуратурасига таяниб.
«Чжаонинг АҚШ қонунчилигини қасддан бузиш доираси ва унинг оқибатларини ҳисобга олиб, 36 ойлик чегарадан кўпроқ қамоқ жазоси кафолатланади», — дея АҚШ прокурорларининг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.
Нашр шунингдек, АҚШ прокуратураси Binanceʼни 100 000 та шубҳали транзакцияларни, жумладан, «Ҳамас», «Ал-Қоида» ва ИШИД гуруҳларига (охирги икки ташкилот террорчи деб тан олинган ва Ўзбекистон Республикасида тақиқланган) ўтказмаларни яширганликда айблагани ҳақида хабар берди. АҚШ прокурорларининг таъкидлашича, биржа болалар жинсий зўравонлик материалларини сотишни қўллаб-қувватлаган ва товламачиликдан тушган даромаднинг муҳим қисмини олувчи бўлган.
2023 йил июнь ойида Binance ва унинг асосчиси Чжао АҚШ расмийлари томонидан рўйхатдан ўтмаган биржани юритиш ва инвесторларни чалғитишда айбланган. Таъкидланишича, Чжао ўзининг Швейцариядаги Sigma Chain фондидан Binance платформасида савдо ҳажмини ошириш учун фойдаланган.
«13 та айблов хулосасида биз Чжао ва Binance кенг кўламли алдаш тармоғи, манфаатлар тўқнашуви, этарли даражада ошкор қилинмаганлиги ва қонундан бўйин товлаш билан шуғулланганлигини даъво қиламиз», — деди АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси раиси Гэри Генслер июнь ойида.
Аввалроқ эълон қилинган суд ҳужжатида компания раҳбарияти 2017 йил августидан 2022 йил октабригача бўлган даврда Америка қонунчилигини била туриб бузгани таъкидланган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШ Адлия вазирлиги криптовалюта биржаси АҚШнинг банк сирлари, халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунларини бузгани ва пул ўтказувчиси сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортгани учун республикага 4 млрд доллардан кўпроқ тўлаши керак деган қарорга келди. Ушбу айбловлар ортидан Binance Чжао бош директор лавозимини тарк этишини эълон қилди.