Партия хабарида айтилишича, «Адолат» депутатларидан иборат ишчи гуруҳ истироҳат боғларида ўрганишлар олиб бормоқда.
«Партия ўрганишлари давомида ҳокимлик вакиллари боғлар ҳудудини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратаётганини билдириб, ҳар иккала боғ ер майдонида ҳам ҳокимлик розилигисиз қурилиш ишлари олиб борилмаслигини маълум қилди», — дейилади партия хабарида.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Адолат» СДП жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилганидан сўнг истироҳат боғларини ижарага бериш ҳамда ушбу ишларни очиқ ва ошкора амалга ошириш лозим деб ҳисоблайди. Бу жараёнда халқ депутатлари Кенгашининг ҳам фикрини олиш мақсадга мувофиқ.
«Шу билан бирга, барча қурилиш ва реконструкция ишлари жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ташкил этилиши, доимий жамоатчилик назоратда бўлиши ва албатта дарахтларга зиён етказилмаслиги лозим», — дейилади хабарда.
Партия Тошкент шаҳар ҳокимлигини бу каби жамоатчилик учун муҳим масалаларда қарорлар қабул қилишдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш ва инобатга олиш, барча ташкилий жараёнларни очиқ-ошкора амалга оширишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Дўстлик» (собиқ Бобур) боғига фаоллар келиб, реконструкцияга қарши чиққан ва лойиҳага қарши имзо тўплашни бошлаган эди.