Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири тартибсизлик ва қийноқлар иши бўйича ҳибсга олинди

Дунё

Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатда 2022 йил январида юз берган тартибсизликлар билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича тергов доирасида собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаевнинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 29 апрель куни Қозоғистон Республикасининг собиқ ички ишлар вазири Э.З.Турғумбаев оғир оқибатларга олиб келган (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми) мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани сабабли қўлга олинди.

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, ишда «давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлиб, судгача бўлган терговнинг бошқа маълумотлари ошкор этилмайди».

«Ўрда» нашри манбасига кўра, Турғумбаев март ойидан бери амалда уй қамоғида, фақат сўроқ учун борган. Ҳозир у вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жўнатилди.

2022 йил январь ойида Қозоғистон бўйлаб норозилик намойишлари тўлқини тарқалиб, суюлтирилган газ нархининг ошишига қарши ҳаракатлар билан бошланди. Воқеа қурбонлари сифатида 238 киши қайд этилган.

2024 йил март ойида Турғумбаевнинг «январь воқеалари пайтида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқлар қўллаш» билан боғлиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига оид ишлар бўйича тергов доирасида сўроқ қилингани расман хабар қилинган эди.

Вилоят ички ишлар ва миллий хавфсизлик органларининг бир қатор раҳбарлари ва ходимлари аллақачон жиноят содир этгани учун судланган.

Қайд этилишича, Олмаота вилояти Қорасай тумани Қўшмамбет қишлоғидаги махсус ҳибсхонада маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллангани бўйича далиллар тўпланган. 2024 йил 16 март куни ушбу жиноятни содир этгани учун Қорасой тумани ИИБ ва махсус тергов изоляторининг собиқ бошлиқлари ҳибсга олинди.

Мавзуга оид материаллар