Ekolog.uz Telegram канали Шаҳрисабз ҳайвонот боғи раҳбари Саидали Мамадалиев билан боғланди.
Унинг айтишича, мазкур шер урғочи бўлиб, Тошкент ҳайвонот боғидан уч ёшида 2005 йилда Шаҳрисабз ҳайвонот боғига олиб келинган.
«Шерлар табиатда 12-14 йил яшайди. Ҳайвонот боғларида, яхши парваришланган тақдирда шерлар 18 йилгача яшаши мумкин. Мазкур урғочи шеримиз шанба куни эрталаб томошабинлар кирганидан сўнг ўз болалари олдида қарилик туфайли ўлди. Ўша куни болаларининг олдидан ола олмадик», — деди у.
Маълумотларга кўра, ҳайвонот боғи ходимлари эртаси куни шерлар оиласини бошқа қўрага кўчириб, эрталаб соат 8 да шерни дафн этишган.
«Йўлбарсларимизнинг эса аҳволи яхши. Улар ўз вақтида овқатлантирилмоқда», — дейди ҳайвонот боғи эгаси.
Айни дамда ҳамма Шаҳрисабз ҳайвонот боғи раҳбаридан ўлган жонивор ҳақида ветеринария хулосасини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабсдаги ҳайвонот боғида шер аёл вафот этгани ҳақида хабар берилганди. «Меҳр ва оқибат» кўнгиллиларининг сўзларига кўра, ҳайвоннинг жасади кун бўйи шу ерда ётган.