2-3 май кунлари Тошкентда инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда, форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган «Linde», «Orascom», «DataVolt», «Bonafarm», «PASHA holding» ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилади.
«Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.
Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди.
Энергетика соҳасида «ACWA Power», «Masdar», «Total Eren», «Voltalia», «Ҫalɩk» ва «Aksa»; кимё саноатида «Air Products», «Indorama» ва «Камсе», тоғ-кон ва металлургияда – «Orano» ва «DANIELI», автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида «BYD», «Kia» ва «Samsung», қурилиш соҳасида «Коҫ» ва «KNAUF» каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.
Яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.
Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Шунингдек, энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этиш режалаштирилган.
Тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари – яъни, аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиб, 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган.
Инвесторлар учун яна бир муҳим кўрсаткич. Охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди.
Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатларга визасиз режим жорий этилди.