Кореяда автомобиль саноатида йилига 3000 ишчига эҳтиёж бор. Бу ҳақда Бандлик ва қашшоқликка қарши курашиш вазири Беҳзод Мусаев ва Корея Республикаси Автомобилсаноат ассоциацияси раиси Квак Ён Чхол ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида ташкил этилган мулоқотда ушбу мамлакат вилоятларидаги автосервис бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон томони икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни таъкидлаб, меҳнат муносабатларидаги самарали ҳамкорликдан мамнунлигини билдирди.
Мулоқот чоғида Корея автомобилсаноат ассоциацияси таркибида 6,8 минг корхона ва 48 минг ходим меҳнат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Кореяликлар бу соҳада йилига 3 минг ишчига қўшимча эҳтиёж борлигини ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Йиғилиш якунида ушбу янги лойиҳага автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини тезкорлик билан киритишга қарор қилинди.