Тошкентда Жаҳон тиллари университетининг 2-босқич талабаси Исроил элчихонасига ўт қўйишга уринганликда айбланиб, ҳукм қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Взгляд.uz»га маълум қилди.
Воқеа 2023 йил 19-октабрда содир бўлган. Йигит бир шиша керосин, гантель, икки қути гугурт ва мато бўлакларини спорт сумкасига солиб, велосипедда элчихона томон йўл олди.
У элчихонага келганида унинг хатти-ҳаракати дипломатик ваколатхона яқинида жойлашган Яккасарой тумани ИИБ ходимларининг эътиборини тортди. Полиция ундан тўхташни сўрагач, йигит қочишга уринди. Ходимлар уни хизмат машинасида кузатиб, милиция бўлими биносига олиб боришди ва сумкасини кўрсатишни сўрашди.
«Гумонланувчи ходимларни чалғитиб, бир шиша керосин ва гантель олди ва элчихона томон югурди. У дипломатик ваколатхона ҳовлисига шиша идиш ва гантель ташлашга муваффақ бўлди, шундан сўнг уни милиция ходимлари ва бинони қўриқлаётган Миллий гвардия қўлга олди», — дейилади хабарда.
Суд жараёнида талаба ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарида Исроил ва Фаластин ўртасидаги Ғазо секторидаги қуролли тўқнашув ҳақидаги видеоларни томоша қила бошлаганини, натижада Исроилдан нафратланганини ва қасос олиш мақсадида уни ёқишга қарор қилганини айтди.
У одамларга ва элчихонага зарар етказишни истамаслигини таъкидлади. Шундай қилиб, у норозилик билдирмоқчи бўлди.
Суд уни Жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисмида (терроризм) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 5 йил муддатга умумий режимли колонияда ўташ жазосини тайинлади.