Терроризмнинг миллати ва дини йўқ, Тожикистон унга қарши курашда икки томонлама стандартларга қарши. Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Унинг таъкидлашича, Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар «савдо-иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар соҳаларда юксалишда».
«Терроризм ва экстремизмга қарши курашга келсак, сиз бизнинг позициямизни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери биласиз. Бизнинг позициямиз қуйидагича: биз терроризм ва экстремизмга қарши курашда икки томонлама стандартларга қаршимиз. Терроризмнинг миллати ҳам, дини ҳам йўқ», — деди Раҳмон.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Федерацияси ва Тожикистон махсус хизматлари аввалги барча йилларда яхши ишлаган, аммо «афсуски, Крокус Сити Холлда фожиа юз берган». Раҳмон Тожикистон 30 йилдан ортиқ терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу «глобал муаммо».
«Тожиклар қадимий тарих, маданият ва цивилизацияга эга қадимий халқдир. Бўлиб ўтган воқеа, албатта, биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бу эса халқимизнинг қиёфасига, тарихига, маданиятига, урф-одатларига жиддий зарар етказади. Биз бу борада сиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этамиз», — дея хулоса қилди у.