Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб, минтақамизда сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда. Бунинг чораларини ҳозирдан кўриш зарур. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Шу боис қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 млн доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилиш назарда тутилган.
Қайд этилишича, Оролбўйида 1 млн гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади.
Шунингдек, иқлим ўзгаришини таҳлил ва башорат қилиш бўйича марказ тузилиб, 5 та вилоятда агрометеорология станциялари ўрнатилади. Шунингдек, Италия билан ҳамкорликда Интенсив уруғчилик ва кўчатчилик халқаро маркази, шўрга ва сувсизликка чидамли экинлар бўйича уруғчилик хўжалиги ташкил этилади.
Сувни тежаш масаласи, айниқса, Амударёнинг қуйи минтақасида долзарб. Шу боис, яна бир ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистонда ерни лазерли текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш режалаштирилмоқда. Яъни, пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчиларга лазерли текисланган ҳар бир гектар майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажати 100 фоизгача қисмини қоплаш учун Давлат буджетидан субсидия берилади.
Биринчи босқичда бу Тўрткўл, Беруний ва Амударё туманларида амалга оширилади. Бундай майдонларда ҳосилдорлик ўртача 5-7 центнерга ошади ва сув сарфи 15-20 фоиз тежалади, дейилади хабарда.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ер майдонларидан самарали фойдаланиш режалари ҳам баён қилинди.
Хусусан, институтнинг Бандихон илмий-тажриба станциясидаги 142 гектар ер қайтадан фойдаланишга киритилади. 300 гектар майдонда сув тежайдиган замонавий технологиялар ўрнатилиб, экспортбоп мева ва узумзорлар барпо этилади.
Қизилтепа туманидаги Навоий илмий-тажриба станциясида узум кўчатчилиги бўйича тажриба хўжалиги ташкил этилиб, Франция ва бошқа давлатларнинг экспортбоп навлари кўчати олиб келинади. Ҳар икки станцияда сув таъминотини яхшилаш учун энергия тежамкор насос агрегати ва трансформатор ўрнатилади.