Ижтимоий тармоқларда Дамас биринчи синф ўқувчисини йиқитгани, сўнг уни ғилдираклари остида бир неча ўн метр судраб олиб боргани акс этган видео тарқалди.
Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати ЙТҲ 19 апрель куни тахминан соат 12:45 да Шаҳрисабз шаҳрида содир бўлганини хабар қилди.
Ҳайдовчи Шаҳрисабз-Мираки автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиб, Фусункор кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини уриб юборган. Оқибатда бола оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи процессуал қўлга олинди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.