Сурхондарёда Trackerʼнинг юк машинаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Взгляд.uz»га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ЙТҲ 12 май куни соат 10:30 атрофида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида содир бўлган, Tracker-1 русумли автомашина ва ЗИЛ юк машинаси иштирокида ҳалокатли ЙТҲ содир бўлган.
Tracker-1 автомашинасининг ҳайдовчиси 1965 йилда туғилган Д. Ш. бошқарувни йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган юк машинасининг орқа қисмига бориб урилган.
Тўқнашув натижасида автомобиль ҳайдовчиси ва бир йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна уч нафар йўловчи туман касалхонасида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.