Отишма пайтида Словакия бош вазири Роберт Фицо яраланди, ҳужумчи қўлга олинди, деб хабар берди маҳаллий Правда нашри.
«Роберт Фицо ҳукумат аъзолари тарқалгач, яраланган. Ҳужумчи бир неча марта ўқ узган, у полиция томонидан қўлга олинган», — дейилади нашр хабарида.
ОАВ хабарларига кўра, учрашувдан сўнг сиёсатчи омма олдига чиққанида бир неча марта ўқ узилган. Қорин бўшлиғидан яраланган.
Ҳозир у вертолётда Братиславадаги касалхонага олиб кетилмоқда.
Фицо бир неча бор Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарши чиққан, шунингдек, у бу мамлакатнинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватламаслигини ва агар бундай масала кўриб чиқилса, вето ҳуқуқидан фойдаланишини таъкидлаганди. Бундан ташқари, бош вазир Словакия Россия билан яхши муносабатлардан манфаатдор эканини маълум қилди ва бу йўналишда чоралар кўришга ваъда берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Словакия бош вазирининг суиқасддан кейинги аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.