Тошкентда «Макаров» русумли тўппончани сотмоқчи бўлган бухоролик фуқаролар қўлга олинди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Хонадонни кўздан кечириш чоғида уйнинг том қисмига яшириб қўйилган 3 дона Макаров пистолети ва 21 дона патрони, 1 дона ТТ пистолети ва 5 дона патрони ҳамда 1 дона товушни пасайтирувчи қурилма (глушител) процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

«Мазкур шахс жиноий шериклари билан биргаликда, ушбу қуролларни ва ўқ-дориларни муқаддам Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб келишган», — дейилади хабарда.

Судга оид баллистик экспертиза хулосасига кўра, қуроллар ва ўқ-дорилар жанговар ҳолатда бўлиб, фойдаланишга яроқли ҳисобланади.

Бундан ташқари, улардан бирининг хонадонидан қирқма ҳолатига келтирилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 2 дона ов милтиғи ҳамда 6 дона ўқ-дори тегишли тартибда олинди.

Ҳозирда Жиноят Кодексининг 246 ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.