Президент Малайзия бош вазири билан музокаралар ўтказди

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Томонлар Ўзбекистон–Малайзия муносабатларини янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

17 май куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат миллий мадҳияларини ижро этди. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.