Пойтахтда спорт гимнастикаси бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ёзги Олимпия ўйинларига учта лицензияни қўлга киритди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.
Спортчи Абдулла Азимов яккалик баҳсларда кўпкураш дастурида 82,431 балл тўплаб, 2024 йилги Париж ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақа якунларига кўра А.Азимов учинчи ўринни эгаллади. У лицензиясиз спортчилар орасида энг яхши кўрсаткичга эга.
Маълум қилинишича, спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ўз тарихида илк бор ёзги Олимпия ўйинларига учта лицензияни қўлга киритди.
Парижга иккита йўлланмани аввалроқ Расулжон Абдураҳимов жорий йилги жаҳон чемпионати сериясидаги параллель панжаралар натижаларига кўра ва Хабибулло Эргашев — 2023 йилги жаҳон чемпионатида шахсий кўпкураш натижаларига кўра қўлга киритган эди.