Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида 5 туп чинорни ноқонуний кесиб ташлаган шахслар озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради вилоят экология бошқармаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, фуқаро 2023 йил декабрь ойида уч нафар шериги билан «Машъал» МЧЖ ҳудудидаги фермер хўжалигига қарашли далага бориб, занжирли арра ва бошқа асбоблар ёрдамида 5 туп кўп йиллик ўсимликларни ноқонуний равишда кесиб ташлаган. Етказилган зарар 247 миллион 180 минг сўмга баҳоланган.
Қайд этилишича, дарахтларни кесиб, бозорга олиб бориш учун ижарага олган «КамАЗ» русумли автомашинага жойлаштирган, бироқ улар ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган.
Суд ҳукмига кўра, жиноят содир этган шахслар Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (далалар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларга зарар етказиш ёки нобуд қилиш) билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.