Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Озарбайжон билан чегарадаги Жулфа шаҳри яқинида «фавқулодда қўнишни» амалга оширди, дея хабар бермоқда Associated Press Эрон давлат телевидениесига таяниб.
Қутқарувчилар воқеа жойига етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Операция об-ҳаво шароити — ёмғир ва кучли шамол туфайли мураккаблашди.
Вертолётда Эрон президенти билан бирга мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон ҳам бўлган. Эроннинг Tasnim агентлигига кўра, карвонда учта вертолёт бўлган, улардан иккитаси манзилига эсон-омон етиб келган.
Ҳодиса оқибатида Эрон президентининг жароҳатлангани ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Раисий Озарбайжонга 19 май куни эрталаб етиб келди ва у ерда президент Илҳом Алиев билан учрашди. Давлат раҳбарлари Арас дарёсидаги тўғоннинг очилишида иштирок этди.