«Долзарб 40 кунлик» доирасида ҳибсга олинган яна 3 нафар шахс қамалди

O‘zbekiston

Тошкентда жиноятчилик ҳолатини яхшилаш мақсадида ўтказилган рейдлар давомида қўлга олинган яна 3 нафар фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Қўлга олинганлар талончилик, безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбдор деб топилди.

Ўтган йил охирида «кўча безорилари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш бўйича ўтказилган кенг кўламли рейдлар давомида қўлга олинган яна уч нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 15 апрель кунидаги ҳукмига билан 1987 йилда туғилган Мухамеджанов Азлархон Ботирович Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик ) 2-қисми «а», «в» бандлари билан айбли деб топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 6 май кунидаги ҳукмига кўра, 1993 йилда туғилган Холмурадов Суннатулла Чариевич Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «е» банди билан айбли деб топилиб, етти йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 8 май кунидаги ҳукмига кўра, 1993 йилда туғилган Ўринов Умиджон Бахтиёр ўғли Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б», «в» бандлари, 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми «б», «в» бандлари билан айбли деб топилиб, олти йил ўн бир ой йигирма саккиз кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.