Хитой Халқ озодлик армияси 23 май, пайшанба куни Тайван атрофида мураккаб ҳарбий машғулотларни бошлади, деб хабар берди Хитой Мудофаа вазирлиги.
«Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси Тайван бўғозида, Тайван оролининг шимоли, жануби ва шарқида, шунингдек, Цзиньмэнь, Мацзу, Уцю ва Дунъинь ороллари атрофида 07:45 (маҳаллий вақт)дан бошлаб кенг қамровли ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда. 23 май», дейилади хабарда.
Қўмондонлик матбуот котиби Ли Си маълум қилишича, машғулотларга қуруқликдаги қўшинлар, денгиз флоти, ҳаво ва ракета кучлари жалб этилган.
Унинг сўзларига кўра, «машқлар денгиз ва ҳаводан биргаликда патруль қилиш, жанг майдонини ҳар томонлама назорат қилиш ва асосий нишонларга биргаликда юқори аниқликдаги зарбалар беришга қаратилган».
Ли Си таъкидлаганидек, машғулотлардан мақсад Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси кучларининг «ҳақиқий жанговар имкониятларини» синовдан ўтказишдир.
Унинг сўзларига кўра, машғулотлар, шунингдек, «Тайван мустақиллиги тарафдори бўлган кучларнинг бўлгинчилик ҳаракатларига жавоб ва ташқи кучлар аралашуви ва провокацияларига қарши кучли огоҳлантириш» бўлади.