24 май куни кечқурун Тбилисидаги Озодлик майдонига йиғилган ўн минглаб намойишчилар Кура дарёси қирғоғи бўйлаб Ички ишлар вазирлиги биносигача юриш қилди. Масофа тахминан уч километрни ташкил қилди. Намойишчилар «Грузияга хизмат қил» шиорлари, шунингдек, Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари билан юриш қилган. Бу ҳақда «Дождь» телеканали хабар берди.
Ички ишлар вазирлиги биносида одамлар ўрнидан туриб, калтакланган мухолифат етакчилари плакатларини очиб, полиция ходимларига қаратиб қўйган. Улар орасида «Бирлашган Миллий Ҳаракат» етакчиси Леван Хабеишвили, Босқинчиликка қарши ҳаракат раҳбари Давид Кацарава ва бошқаларнинг портретлари бор эди.
14 май куни Грузия парламенти «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ва якуний ўқишда қабул қилди. Муҳокамалар норозилик намойишлари фонида бўлиб ўтди. Қонун лойиҳаси молиялаштиришнинг 20% дан кўпроғини чет элдан оладиган нодавлат ташкилотлардан «хорижий агент» сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилади.
18 май куни Грузия президенти Саломе Зурабишвили «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга вето қўйди. Келгуси ҳафта «Грузин орзуси» ушбу ветони кўпчилик овоз билан енгиб ўтишни режалаштирмоқда.
Бир ярим ойдан бери намойишчилар «хорижий агентлар» ҳақидаги қонунга қарши чиқишмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу вақт ичида 120 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Уларнинг учдан бир қисми Ички ишлар вазирлиги мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳибсга олиш вақтида олган тан жароҳатлари юзасидан шикоят қилган.