Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги президент Владимир Путинга «Толибон» ҳаракати террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабуловга таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Кабуловнинг сўзларига кўра, 2021 йилда Афғонистонда ҳокимият тепасига келган Толибон ҳукуматининг Россия томонидан тан олиниши уч йил олдингига қараганда анча яқинлашган. Бироқ «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқармаган ҳолда, «Толибон» ҳукуматини тан олиш ҳақида гапиришга ҳали эрта.
«Толибон» ҳукуматини тан олиш масаласига тўхталар экан, Кабулов енгиб ўтиш керак бўлган айрим муаммолар борлигини таъкидлади. Шундан сўнг Россия раҳбарияти якуний қарорни қабул қилади. У айнан қайси нуқталар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.
Адвокат Дмитрий Аграновский «ТАСС»га берган изоҳида «Толибон»ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш фақат Олий суд қарори билан амалга оширилишига аниқлик киритди.
Россия Федерацияси Олий суди 2003 йилда Толибонни террорчи ташкилот деб тан олган. Суд ўз қарорида «Толибон» ҳаракати 1994 йилда Афғонистонда экстремистик исломий ҳаракат сифатида тузилганлигини таъкидлаган. Ҳаракат Чеченистонда фаолият юритаётган ноқонуний қуролли гуруҳлар билан алоқада бўлиб, ўз фаолиятида террорчилик усулларидан ҳам фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ТИВ аллақачон «Толибон»дан террорчи ташкилот мақомини олиб ташлаш устида иш олиб бораётганини маълум қилганди. Дипломатик миссия маълумотларига кўра, якуний қарорни Россия олий раҳбарияти қабул қилади.