Актриса Анастасия Заворотнюк вафот этди. Бу ҳақда санъаткорнинг яқинлари ижтимоий тармоқлар орқали хабар беришди.
Машҳур россиялик актриса Анастасия Заворотнюк 2019 йилда театр спектаклларида иштирок этишни тўхтатганди. ОАВ маълумотларига кўра, у саратон касаллиги билан курашган.
«Менинг гўзал энагам» телесериали актрисага катта шон-шуҳрат келтирган. Анастасия Заворотнюк ўз фаолияти давомида кино ва телевидениеда 40 дан ортиқ лойиҳада роль ижро этган.
Анастасия Заворотнюк 1971 йилда Астраханда туғилган. Унинг онаси, РСФСР халқ артисти Валентина Заворотнюк Астрахан ёшлар театрида ишлаган, отаси эса телевидение режиссёри бўлган.
Москва бадиий театр мактабини (А. Н. Леонтев курси) тугатгандан сўнг Анастасия Заворотнюк 1993 йилдан 2004 йилгача Олег Табаков театр студиясида актриса бўлган. У ушбу театрнинг 29 та спектаклида ўйнаган. Анастасия Заворотнюк кинога 1991 йилда Владимир Набоковнинг романи асосида суратга олинган «Машенька» фильмида бош ролни ижро этган.
Россия телевидениесида Анастасия Заворотнюк «Юлдузлар билан рақс», «Муз устида рақс» ва «Музлик даври» каби бир нечта дастурларни олиб борган.
Актрисани машҳур қилган «Менинг гўзал энагам» комедия сериали 2004 йилдан 2008 йилгача суратга олинган.
«Сериалнинг муваффақияти ҳайратланарли ва универсал эди: уни Россияда, Украинада, бутун собиқ СССРда ва рус тилини тушунадиган одамлар яшайдиган барча ҳудудларда яхши кўришарди», — деб ёзди продюсер ва режиссёр Александр Роднянский Instagramʼда.
2019 йилда актриса оғир касалликка чалингани маълум бўлганди. Кейинчалик қариндошлари унинг глиобластома, яъни жиддий саратон касаллигидан даволанаётганини тасдиқлашган.
Анастасия Заворотнюкнинг ўлими ҳақидаги хабар актрисанинг «ВКонтакте»даги саҳифасида пайдо бўлди. У узоқ ва оғир касалликдан сўнг вафот этгани айтилган. Роднянский Анастасия бутун авлод учун болалик рамзига айланганини ёзган.
Анастасиядан уч нафар фарзанди қолди, унинг кенжа қизи 2018 йилнинг кузида туғилган.