Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, ҳукмрон «Миллий тикланиш ҳаракати» (МОРEНА) партияси вакили, Мехико шаҳрининг собиқ мери Клаудия Шейнбаум 57,32% дан ортиқ овоз тўпламоқда. Бу ҳақда Мексика Миллий сайлов институти (INE) хабар берди.
Унинг энг яқин рақиби, «Мексика учун куч ва юрак» ўнг қанот партиялари альянси вакили Ксочитль Гальвес, дастлабки маълумотларга кўра, 29,86% овоз олди. Учинчи ўринни 10,46% овоз билан Хорхе Альварес Майнес эгаллади.
Клаудия Шейнбаум гендер зўравонлик муаммоси айниқса кескин бўлган Мексика тарихидаги биринчи аёл президентга айланади. У 61 ёшда ва Европадан қочган яҳудий муҳожирларнинг набираси. 2000 йилларнинг бошида Шейнбаум Мехико шаҳрида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича котиб бўлиб ишлаган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатилган аёллар сони 40 фоизга кўпайиши ҳақида хабар берганди.