Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси билан 13 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 14 июнь, жума куни бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон-Корея дўстлиги ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.
Саммит якунлари бўйича қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, икки давлат президентларининг қўшма бизнес-форумда иштирок этиши режалаштирилган.