Самарқандда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган форумда Қозон федерал университети профессори Рустем Давлетгильдеев экологик муҳожирлар ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳақида гапирди. Унинг қайд этишича, айни дамда бу одамлар халқаро ҳуқуқ даражасида ҳимояланмаган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, экологик муҳожирлар (фақат ўз мамлакати ичида кўчиб ўтишга мажбур бўлганлар) мақомини тартибга солувчи асосий ҳужжатлар БМТнинг универсал ҳужжати ва Африка қитъасининг минтақавий ҳужжатлари ҳисобланади.
Рустем Давлетгильдеевнинг сўзларига кўра, 2023 йил охирида дунёда табиий офатлар: сув тошқинлари, бўронлар, тайфунлар натижасида юзага келган 75,9 миллион ички кўчиш қайд этилган. Шунингдек, 6,1 миллион киши зилзила туфайли уйини тарк этишга мажбур бўлган.