Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар таъкидлашича, мазкур қонун гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тарғиб ёки реклама қилишнинг ҳамда уларнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, БМТ бош ассамблеяси Ўзбекистон таклиф этган Марказий Осиё давлатларининг наркотиклар билан боғлиқ муаммоларга қарши биргаликда курашиш тўғрисидаги резолюциясини бир овоздан қабул қилган. Озарбайжон, Хитой, Россия, Япония каби 30 дан ортиқ давлат бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.