Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е», «к», «л» бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Бекобод шаҳар жиноят ишлари бўйича судига юборилган.
19 июнь куни ушбу жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида судланувчининг ака-укалари – 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю.лар суднинг уларни озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорига рози эмаслигини билдиришган. Суд залида улар билан жараённинг бошқа иштирокчилари ўртасида низо келиб чиққан, натижада ҳудудий ички ишлар бошқармаси ходимлари чақирилган.
Воқеа иштирокчилари шаҳар ички ишлар бошқармаси биносига олиб кетилган. Бироқ бинога кираверишдаги йўлакда фуқаро 1981 йилда туғилган Д.Ю. ҳушини йўқотган. У хизмат машинасида шаҳар касалхонасига етказилган ва у ерда вафот этган.
Фуқаронинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланди.
Прокуратура вазиятни назорат қилиб, суриштирув ишларини олиб бормоқда.