20 июлдан 7 августга қадар Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагининг капитал таъмирланиши муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатади, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Авиакомпания маълумотларига кўра, узунлиги 3000 м, эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлагининг бутун юзасини алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади. Йўловчилар аэропортлар ўртасида трансферлар билан таъминланади.
Урганч аэропорти учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг кенг фюзеляжли Boeing 787 ва Airbus А330 самолётларини чекловларсиз қабул қила олади.
Қайд этилишича, охирги марта Урганчдаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш 1997 йилда, учиш-қўниш йўлагининг шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш 2018 йилда амалга оширилган.