24 июнь куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатга давлат ташрифини амалга ошираётган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.