Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Дарбанд ва Махачқалъадаги фожиали воқеалар муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Мирзиёев ўз мурожаатида Доғистонда содир бўлган терактни кескин қоралаб, бундай таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
23 июнь куни кечқурун Дарбанддаги ибодатхона ва черковга, шунингдек, Махачқалъадаги черков, синагога ва йўл полицияси постига ҳужум уюштирилди. Бундан ташқари, Серғоқали қишлоғи марказида автомобилга ҳужум уюштирилган. Ҳалок бўлганлар орасида Доғистон полиция бошқармаси бошлиғи Мавлудин Хидирнабиев ҳам бор. Ўлдирилган уч нафар жангари республиканинг Серғоқали тумани раҳбарининг ўғиллари ва жияни бўлиб чиқди. Амалдорнинг ўзи ҳибсга олинган.
Доғистонда жангариларнинг ҳужумлари оқибатида 15 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва бир неча тинч аҳоли ҳалок бўлди. Вилоят раҳбари Сергей Меликовнинг сўзларига кўра, олти нафар жангари йўқ қилинган. Аввалроқ Миллий аксилтеррор қўмитаси беш нафар жангари зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берганди.
Махачқалъа ва Дарбандда тезкор жанговар ҳаракатларнинг фаол босқичи якунланди, деди республика раҳбари.