Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Яқин йилларда томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5-10 баробарга оширишни режалаштирмоқда. Ҳозир бу кўрсаткич 100 млн долларга яқин.
Ўзбекистон ва Мўғулистон Улан-Батор ва Тошкентда савдо уйларини очишни режалаштирмоқда. Имтиёзли савдо шартномаси имзолашга тайёрланмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда қўшма чорвачилик комплексларини очиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Мўғулистон бир-бирига гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беради.

Икки давлат президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Давлат ташрифи доирасида жами 14 та ҳужжат имзоланди:
-
Савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастур;
-
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
-
Ҳаво алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
-
Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
-
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
-
Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
-
Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
-
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
-
Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;
-
Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
-
Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
-
Қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида баённома;
-
Тошкент ва Улан-Батор шаҳарлари маъмуриятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим.

Шунингдек, эртага Тошкентда Мўғулистоннинг машҳур «Морин Хуур» оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтиши маълум бўлди.