Бешта вилоятда археологик ёдгорликлар вайрон қилингани аниқланди — Бош прокуратура

O‘zbekiston

Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида иссиқхона, уй-жой ва ҳожатхоналар қуриш учун 12 та археологик ёдгорлик бузилган.

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан биргаликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Ҳудудларда ўтказилган текширишларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, бир қатор археология ёдгорликларини йўқотилиши олди олинди.

Хусусан:

  • Қашқадарёда «Кофиртепа-2» (VII – XIII асрга оид) ёдгорлигининг 2,4 м3, «Бештерактепа»нинг (IX – XII) 6 м3 ҳамда «Хонтепа»нинг (XII – XIII) 189 м3 қисми уй-жой;

  • Жиззахда «Томошотепа-2» (IV –V) ёдгорлигининг 14 м3 қисми хожатхона ҳамда «Қоратепа»нинг (V – VI) 30 м3 қисми иссиқхона;

  • Сирдарёда «Ҳашартепа» (IХ – ХII) ёдгорлигининг 6,4 м3 қисми хожатхона ва хаммом;

  • Навоийда «Ғазғонтепа» ёдгорлигининг 16 м3 қисми мобил компания антеннаси, «Нонвойлартепа-2»нинг 5,3 м3, «Калтепа»нинг (V – VIII) 23 м3 ҳамда «Ясилтепа»нинг (III – ХI) 20 м3 қисми хўжалик иншоотлари;

  • Тошкент вилоятида «Номсизтепа-1» ёдгорлигининг 15 м3 қисми хожатхона, «Номсизтепа-2»нинг 1,92 м3 қисми иссиқхона қуриш учун қисман бузилган.

Юқоридаги жами 12 та ёдгорликка 8,3 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Mavzuga oid materiallar