Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида болалар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани диний таълим жараёнига ноқонуний жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Болани диний таълим жараёнига ноқонуний жалб қилган тақдирда, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилади. Агар бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланган бўлса, жарима 15 дан 25 БҲМгача бўлади ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қонунни бузган ҳолда болани диний таълим жараёнига жалб этиш тақиқланади. Демак, болани диний таълим олиш учун рўйхатдан ўтмаган ёки лицензияси бўлмаган ташкилотларга ёки махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасидаги диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органининг рухсатисиз таълимни амалга оширувчи шахсларга ўтказишга йўл қўйилмайди.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари қурбони бўлиб қолишининг олдини олишга хизмат қилишига ишонч билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистонда диний кўрсатувлар ва фильмлар намойиш этувчи телеканал очилган эди.