Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг ҳаракатланувчи таркибида кондиционер тизими ишламаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
«Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизматининг хабар беришича, метрополитеннинг баланд йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи ҳаракат таркибидаги совутиш тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш мақсадида жадал тартибда махсус ишчи гуруҳ тузилиб, таркибига 15 нафар мутахассис жалб этилган.
Ушбу мутахассислар доимий равишда тизимли таъмирлаш ва текширишларни амалга оширадилар. Ҳозирда «Ерли ҳалқа» йўналишида 10 та ҳаракатланувчи таркиб қатнови йўлга қўйилган бўлиб, улардан 8 таси жорий йилда сотиб олинган, совутиш тизими +50°C гача бўлган ҳароратларда ишлашга қодир бўлган поездлардир.
Мавжуд қолган иккита ҳаракатланувчи таркиб Тошкентга турли йилларда олиб келинган ва асосан метро бекатларида ишлашга мўлжалланган бўлиб, уларнинг совутиш тизими +40°C гача бўлган ҳароратларда ишлашга мўлжалланган.
Шу сабабли, ушбу ҳаракатланувчи таркибнинг совутиш тизимларини созлашни янгилаш учун малакали мутахассислар жалб қилинган.
«Амалга оширилган ишлар натижасида юзага келган камчиликлар яқин кунларда тўлиқ бартараф этилади», — дейилади пойтахт метрополитенида.