Ўтган беш ойда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларида 65 нафар бола ҳалок бўлди

O‘zbekiston

2024 йилнинг сўнгги беш ойида Ўзбекистонда ўқувчилар иштирокида 359 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, 65 нафар бола ҳалок бўлган. Яна 294 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди.

фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинганидек, ўтган беш ой давомида ўқувчилар иштирокида 359 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, уларнинг оқибатида 65 нафар бола ҳалок бўлган, 294 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Бу даврда республика бўйича жами йўл-транспорт ҳодисалари 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этди. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 12,8 га, Тошкент вилоятида 12,2 га, Наманган вилоятида 9,1 га, Фарғона вилоятида 8,4 га етди.

Ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисалари Самарқанд ва Тошкент вилоятларида (80), шунингдек, Фарғона (69), Қашқадарё ва Сурхондарё (53) вилоятларида юқорилигича қолмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари сабаблари таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, 43 фоизи ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида содир бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларнинг 53,7 фоизини пиёдалар ва велосипедчилар ташкил этади.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.