Тошкент аэропортида маст йўловчи авиакомпания ходимларини сўкиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан муштлашди — видео

O‘zbekiston

21 июнь куни Ўзбекистон фуқароси «Тошкент–Шаржа» рейси билан парвоз қилиши керак бўлган, бироқ юкларни қабул қилиш кассасида жанжал келтириб чиқарган. Эркак маст ҳолда араб авиакомпанияси ходимларига сўкинган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан уришмоқчи бўлган. Тартиббузарга нисбатан жиноий иш очилган.

Фото: Видеодан кадр

21 июнь куни Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш залида «Тошкент–Шаржа» рейси билан учиш арафасида турган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда UzNews аэропорт хавфсизлиги бошқармасидаги манбага таяниб хабар бермоқда.

Эркак маст ҳолда жамоат тартибини бузган. У Air Arabia вакиллари ва аэропорт ходимларини ҳақорат қилган.

Хабар қилинишича, Наманган вилоятида яшовчи фуқародан бир қоп сабзи плёнкага ўраш сўралган. Бироқ эркакнинг жаҳли чиқиб, муштлаша бошлаган ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни уришмоқчи бўлган.

Фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (жамоат тартибини муҳофаза қилиш бўйича вазифаларни бажараётган ҳокимият ёки жамоатчилик вакилига ёки бошқа фуқароларга безорилик хатти-ҳаракатига чек қўйишга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.