Жиззах вилоятининг Зомин туманида Хитойнинг «Мингюан» компанияси иштирокида «Технопарк» деб номланган махсус саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳани амалга ошириш учун 400 гектар ер майдони ажратилган. Уни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланиб, 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бу борадаги амалий ишлар аввалроқ бошланган бўлиб, 30 дан ортиқ лойиҳалар шакллантирилган. Уларга хитойлик инвесторлар томонидан 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади. Мазкур зонада ташқи бозорларда талаб юқори бўлган қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.
Хусусан, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш йўналишдаги лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада 5 мингдан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади, 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади.
Технопарк ҳудудида Халқаро тажриба алмашинув инженерлик маркази ташкил этилиб, саноат корхоналари учун шу ернинг ўзида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда офис маркази, турар жойлар, экобоғ, кўргазмалар зали ва савдо маркази барпо этилади.
Маросимда давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, технопаркдаги илк инвестиция лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.