Стратегик ислоҳотлар агентлиги ходимлари жойига чиққан ҳолда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг салоҳияти ва қўшимча иқтисодий «ўсиш нуқталарини» ўрганди ва тегишли таклифлар ишлаб чиқди.
Туман ҳокимлиги билан биргаликда амалга оширилган ўрганишлар давомида Бўстонлиқда жами 128,18 га (яйлов, тошлоқ ва бошқалар) ер майдонида 2024-2027 йиллар давомида умумий қиймати 1 трлн 226 млрд сўмлик 3 169 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида жами 5-6 минг нафардан зиёд янги иш ўринлари яратиш ҳамда буджетга қўшимча 17,9 млрд сўмлик тушум таъминлаш имкони мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, тумандаги «Думалоқ» маҳалласи ҳудудида йўл бўйида 30 га ер майдонида замонавий йирик бозор комплекси ташкил этиш имконияти тайёрланмоқда. Хитой ва Германиялик компаниялар ҳамкорлигида қиймати 60 млн доллар бўлган «Йирик савдо комплекси ва кўнгилочар маскан ташкил қилиш» лойиҳасини амалга ошириш таклифи ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳани 2025-2027 йилларда ишга тушириш орқали 2-7 минг нафар янги иш ўринлари яратилади, 3 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади, буджетга қўшимча 10 млрд сўм маблағ туширилишига имкон яратилади.
«Боғчаовул» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Товоқсой шаршаралари»га сайёҳлар ташрифи вақти май-центябр ойларига тўғри келади ва ушбу давр давомида туристлар оқими ортади (2023 йилда мазкур масканга 12 минг киши ташриф буюрган). Аммо ушбу туристик масканга олиб борувчи йўл яйлов ерларидан иборат бўлиб, ҳудудда хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд эмас.
Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш мақсадида, «Боғчаовул» МФЙ ҳудудидаги туман захирасида бўлган 3,85 га яйлов ер майдони тоифасини ўзгартириш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилиш, ер майдонларини хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўриш таклифи ишлаб чиқилди.
Бунинг натижасида қиймати 7,5 млрд сўмдан ортиқ бўлган 30 дан зиёд хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинади, 100 нафар янги иш ўринлари яратилади ва буджетга қўшимча 1,1 млрд сўмлик тушум таъминланади.
Тумандаги «Қўшқўрғон» МФЙ ҳудудида жойлашган 1,5 га ер майдонидан самарали фойдаланиш ва қўшимча қиймат яратиш мақсадида сув ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиш имконияти мавжуд.
«Қўшқўрғон» МФЙдаги тегишли ер майдонини аукционга чиқариб, ҳудудда қиймати 18,7 млрд сўмлик турли ичимликлар ишлаб чиқаришга доир лойиҳани амалга ошириш таклифи илгари сурилмоқда.
Саноат йўналишида йирик корхона ташкил қилиниши натижасида 150 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ва буджетга 1,1 млрд сўмдан ортиқ қўшимча тушум манбаи яратилади.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган барча ташаббусларни амалга оширишга доир «Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида иқтисодий ўсишни жадал ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.