Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари сарҳисобига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда. Давлат раҳбари ногиронлиги бўлган ёшларга чет тилидан имтиҳон топшириш енгиллашишини таъкидлади.
Жумладан, чет тили бўйича миллий сертификат (CEFR) олишда қўлда ёзиш имконияти бўлмаганларга компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.
«Ёшларимиз халқаро олимпиадаларни назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришади. Лекин, лаборатория машқларини бажаришда амалий кўникмалар кам бўлгани учун пастроқ балл олаяпти», — деди давлат раҳбари.
Энди Президент мактаблари агентлиги қошида «Олимпиадаларга тайёрлаш маркази» очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради.
Аввалроқ давлат раҳбари янги ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртлари қошидаги 73 академик лицейда Халқаро бакалавр ва А-level дастурлари тажриба тариқасида жорий этилишини маълум қилганди.