Президентнинг «Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ёшлар масалалари агентлиги зиммасига янги вазифалар юклатилди.
Агентлик ёшлар ўртасида чет тилларини ўргатиш сифатини оширишга масъул бўлади. Шунингдек, унинг вазифаларига якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва чет тилларини ўргатиш билан шуғулланувчи хусусий ўқув марказларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш киради. Агентлик мазкур ташкилотларнинг рейтингини шакллантириб, ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашади.
Бундан ташқари, агентлик томонидан чет тилларни ўрганиш бўйича ижтимоий лойиҳалар, танловлар ва олимпиадалар ташкил этилади.
Хорижий тилларни билиш даражасини баҳолашнинг халқаро тизимлари бўйича имтиҳон топшираётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида базавий ҳисоб-китоб кўрсаткичининг (БРВ) уч баравари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади. Бу таълим харажатларини қоплашга ёрдам беради. Рағбатлантириш суммаси 1 миллион 20 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 январгача немис, француз, корейс, хитой ва япон тилларини билиш даражасини баҳолашнинг халқаро тизимларида имтиҳон топширишда ёшларнинг имтиҳон харажатларини қоплаш учун талаб қилинадиган минимал балл пасайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январь ойида Ёшлар масалалари агентлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилганди.