29 июнь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафар қилади.
У минтақага ташрифини Ўзбекистондан бошлайди, сўнгра Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга боради. Бу мамлакатларнинг ҳар бирида у давлат раҳбари ва бошқа юқори мартабали ҳукумат амалдорлари билан учрашади. Шунингдек, у иқлим ўзгаришига қарши курашиш лойиҳалари билан танишади ва маҳаллий фаоллар билан мулоқот қилади.
Ташриф 7 июлга қадар давом этади.
Президентнинг таклифига биноан 30 июнь–1 июль кунлари расмий ташриф бўлиб ўтади. Дастурга кўра, Тошкентда олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Музокаралар кун тартибида Ўзбекистон билан БМТ, шунингдек, унинг институтлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Шунингдек, жаҳон сиёсати ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинади.
Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ташриф давомида БМТ Бош котиби турли саноат ва ижтимоий объектларни ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади.