IT-тадбиркор Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов ҳукумат вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унинг айтишича, ёз бошидан бери уйидаги чироқлар ҳар куни ўчиб қолган. «IT сектори электр энергиясисиз мавжуд бўлолмайди», — деб таъкидлади у.
Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда электр таъминотини огоҳлантиришсиз ўчириб қўйган энергетика компаниялари вакилларини жавобгарликка тортиш таклифи ишлаб чиқилишини маълум қилди.
29 июнь куни молия, ҳуқуқ, консалтинг, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаларидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир президент ва ишбилармонларнинг очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида бўлиб ўтди.
Ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, ёз бошидан буён ҳар куни электр энергияси узилиб қолган.
«IT электр энергияси мавжуд бўлганда бошланади ва у ўчирилганда тугайди. Балки, электр тармоқлари билан тузилган шартномаларни жаримага айлантириш керакдир... Сабаби ёз бошидан буён электр энергияси кунига 3-4 соатдан узилиб қолмоқда. Биз тижорат нархларига ўтдик, лекин ҳали ҳам жавобгарлик йўқ [етказиб берувчилардан - таҳр.]. Электр ҳар куни бир вақтнинг ўзида ўчади, бунинг олдини олиш учун нимадир қилиш керак. Хорижлик ҳамкорлар олдидаги мажбуриятларимиз бор (биз 10 дан ортиқ давлат билан ишлаймиз), агар электр ўчиб қолса, интернет ҳам ўчади», — деди тадбиркор.
Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов бу муаммо нафақат ИТ-соҳаси, балки бошқа бизнес тармоқлари учун ҳам долзарб эканини таъкидлади.
«Биз бу борада таклиф ишлаб чиқмоқдамиз, асосан электр таъминотининг огоҳлантиришсиз ўчирилиши учун [жавобгарлик масаласи бўйича]. Лекин улар ҳар куни ўчади, баъзи ҳолларда техник носозликлар бўлиши мумкин. Ҳеч ким бундан четда қолмайди. Аммо таъминот огоҳлантиришсиз ёки бошқа ҳолатларда узилса, бунинг учун жавобгарлик бўлиши керак. Сиз тадбиркор бўлганингиз учун ишингиз тўхтаб қолиши мумкин. Биз жавобгарлик масаласи бўйича таклиф ишлаб чиқяпмиз», — деди бизнес-омбудсман.