БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш якшанба куни Uzbekistan Airwaysʼнинг Ню-Ёркдан мунтазам рейсида расмий ташриф билан Тошкентга келди.
Пойтахт аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди, деб хабар қилди ҳукумат раҳбари матбуот хизмати.
Икки кунлик ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар, бошқа расмийлар, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.
Музокараларда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Антониу Гутерриш Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам ташриф буюради. 4 июль куни у Остонадаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлайди.
Эслатиб ўтамиз, БМТ раҳбари сўнгги марта 2017 йилда Марказий Осиёга ташриф буюрганди.