Президент ёшларни байрам билан табриклади

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев ёшларни Ёшлар куни билан табриклаб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътиборда эканини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни нишонланадиган Ёшлар куни билан ўзбекистонлик ёшларни табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, навқирон авлодни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътиборимиз марказида эканини алоҳида таъкидлади.

«Сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда», — дейилади табрикда.

«Ёшлар дафтари», «Ёшлар баланси» платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишлар натижасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида аниқ ҳис этатойтгани таъкидланди.

«Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли бу йилнинг ўзида «маҳалла еттилиги» тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилгани ҳам шу йўлдаги муҳим қадамдир», — деди давлат раҳбари.

Ёшларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда муҳим ютуқларга эришаётгани барчамизни хурсанд қилади. Биргина ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиларимиздан 55 нафари математика, кимё, биология, физика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалини, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимизнинг 383 нафари бош совринни, 1 минг 359 нафари 1-ўринни қўлга киритди.

Бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! «Янги Ўзбекистон ёшлари» деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари фарзандлари истеъдодли, билимли, ўз кучи ва салоҳиятига ишонган, янги нарсаларни ўрганишга интилаётган халқ ва давлатнинг келажаги шубҳасиз, ажойиб бўлишини таъкидлади.

«Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз. Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришишда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, омад ва зафарлар тилайман», — дея якунлади президент.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.