30 июнь куни ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги «Наврўз» боғида 30 июнь куни 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди. Видеода бепул музқаймоқлар ва 10 мингта совғалар ҳам тарқатилиши айтилган.
Бу ҳақда якшанба куни экожурналист Наргис Қосимова хабар бериб, пулни шаҳарни кўкаламзорлаштириш, кўчадаги ҳайвонлар учун бошпана очиш ва бошқа фойдали тадбирларга сарфлаш мумкинлигини ёзиб чиқди.
Атроф-муҳитни ифлослантириш ниятида бўлган тадбиркорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Кейинроқ Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда акцияни тўхтатганини маълум қилди.
«Вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда», — дейилади баёнотда.
Шарларни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш, юртимизда шар учириш каби тадбирларни ўтказмоқчи бўлганларга утилизация талабини қўйиш ва бунда шарларнинг нархига нисбатан 100 баравар миқдорда нарх белгилаш таклиф қилинмоқда.
Экология вазирлиги бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш тарафдори. Шунинг учун экологияга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни пластик ўйинчоқлар, шарлар учириш каби тадбирларга йўл қўймаслик, бундай тадбирларда иштирок этмасликка чақирди.