1 июль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги «ACWA POWER RiverSide Solar» қуёш фотоэлектр станциясига ташриф буюрди, деб хабар беради ЎзА. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ўзбекистонга келган.
Саудия Арабистонининг «ACWA POWER» компанияси томонидан Тошкент вилоятида қиймати 400 миллион долларлик, 200 мегаватт қувватига эга бўлган лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун 460 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 150 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, кейинчалик Паркент туманида 500 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилади.
Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 130 миллион куб/метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 180 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Асосий мақсад аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдир.
БМТ бош котиби мамлакатда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини айтиб ўтди. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.