Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги тартибини тасдиқлади. Буйруқ Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Миллий гвардия билан келишилган ва расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.
Ҳужжат воқеа жойида тиббий ходимлар етиб келгунига қадар бирламчи шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишни назарда тутади. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида малакали ёрдам кўрсатилади. Махсус тайёргарликдан ўтган Ички ишлар вазирлиги ходимлари, ҳарбий хизматчилар, қутқарувчилар ва ҳайдовчилар транспорт воситалари учун ажратилган зарур тиббий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт.
Буйруқда қон кетишини тўхтатиш, юрак-ўпка реанимацияси, куйиш ва гипотермияни даволаш каби биринчи ёрдам кўрсатиш усуллари батафсил тавсифланган. Шунингдек, жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгилаб қўйилган.
Янги тартиб Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ва оғир оқибатлар сонини камайтиришга қаратилган.