Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Шуша шаҳрига келди. Давлат раҳбарини бу ерда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев кутиб олди.
Шуша «Қорабоғ дурдонаси», «Кавказ санъати маркази» ва «озарбайжон мусиқаси бешиги» номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир. 2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган. Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.
Олий мартабали меҳмонлар Шушада ўттиз икки йил ичида биринчи марта қурилган турар жой мажмуасига ташриф буюрдилар. 23 та бинодан иборат уй-жой мажмуасининг умумий майдони қарийб 8 гектарни ташкил этади. Сўнг етакчилар 2021 йилда тамал тоши қўйилган янги замонавий масжид лойиҳаси ва уни барпо этиш жараёни билан танишди.