Фарғона вилоятида янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Вилоятда 6 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 110 та ва яна 1,1 миллиард долларлик 22 та маҳаллий лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ иш ўрни бўлади.
«Илгари вилоятда 6 та лойиҳа қилиш амри маҳол эди. Бугун 6 миллиард долларлик лойиҳалар ҳақида гапираяпмиз. Нима учун? Ўсдик, ривожландик, инвесторларни ишонтирдик, шароит яратдик. Бундай ишларни яна давом эттирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Яна тўртта лойиҳа энергетика соҳасида амалга оширилган. Бу Бешариқ туманидаги қуёш электр станцияси, Ўзбекистон вилоятидаги электр энергиясини сақлаш тизими ва Фарғона вилоятидаги кичик гидроэлектр станциялари.
Фарғонанинг Бешариқ туманида Германиянинг «Hyper Partners» компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 миллиард 600 миллион киловатт соат ёки 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Натижада 466 миллион метр куб табиий газ тежалади.
Шунингдек, Ўзбекистон туманида 144 миллион доллар хорижий инвестиция ҳисобига 150 мегаваттли илк электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади. Хитойнинг «Gezhouba Group» компанияси билан ҳамкорликдаги ушбу мажмуа шу йил якунига қадар ишга туширилади. У электр энергиясига талаб ортган вақтда автоматик ишга тушиб, энергетика тизими барқарорлигини таъминлайди.
Изланишлар давом эттирилиб, юртимизда 56 мегаватт қувватли 200 та кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти аниқланди. Бу борада алоҳида дастур қабул қилинди. Унинг доирасида Фарғона туманининг чека ҳудудларида 2 та кичик ГЭС барпо этилди. Биринчиси, Шоҳимардон қишлоғида қурилган 2,2 мегаваттли, иккинчиси, Юқори Водил қишлоғидаги 430 киловаттли станциялардир. Улар яқин маҳаллалардаги аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди.