Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон вилоятидаги Shangfeng — Bridge of Friendship заводига нисбатан антидемпинг иши қўзғатди.
Фарғона водийсида фаолият юритаётган бир қанча цемент заводлари ташкилотга мазкур корхона устидан шикоят билан мурожаат қилган. Уларга кўра, Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган корхона ўз маҳсулотларини ички бозорда таннархидан паст нархларда сотмоқда, бунинг ортидан бошқа ишлаб чиқарувчилар банкротлик ёқасига келиб қолган.
Қўмита янги раҳбари Ҳалилилло Турахужаев вазиятни жойида ўрганиб, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан келган 13 та цемент заводи вакиллари билан учрашди ва уларнинг муаммоларини эшитди.
Қўмита демпинг (маҳсулотларни сунъий равишда арзон нархда сотиш) аломатларини комиссия асосида текшириш учун Shangfeng — Bridge of Friendship компаниясига сўров юборган, аммо у ўз вақтида маълумот бермаган, шу сабабли ташкилот иш қўзғатган.
Shangfeng — Bridge of Friendship апрель ойи охирида ишга туширилган, қуввати — йилига 2,5 миллион тонна цемент. Унинг асосчилари Хитойнинг Zhejiang Shangfeng Building Materials (29%), Cонч Интернатионал Holdings Hong Kong Limited (51%) ва маҳаллий Joʻydam Taʻmir Qurilish (20%) компаниялари ҳисобланади.